УШБУ ЙИЛНИНГ ФЕВРАЛЬ ОЙИ ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?
31.01.2024
УШБУ ЙИЛНИНГ ФЕВРАЛЬ ОЙИ ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?
Қиш фаслининг сўнгги ойи - февраль кириб келмоқда. Иқлим маълумотларига кўра, февраль ойи январь ойига нисбатан 2-2,5о га, тоғларда 1-1,5о га илиқроқ бўлади. Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати 1-4о илиқни, жанубда 5-8оилиқни, шимолда 0-3о совуқни ташкил этади.
Аммо қиш фасли ойларининг об-ҳавоси бир хил бўлмайди, Ўзбекистонда февраль жуда турлича бўлиши мумкин.
Февраль ойида кўпинча баҳорий илиқ об-ҳаво даврлари кузатилади, бунда табиат уйғонади, бодом, ўрик, олхўри, олчанинг эрта навлари гуллай бошлайди. Кўпинча, ҳавони қисқа вақтга бундай тез исишидан сўнг, қишки совуқлар қайтади.
Умуман олганда, ушбу асрда, 2004, 2016 ва 2021 йилларнинг февраль ойлари энг иссиқ бўлиб, бунда ўртача ойлик ҳарорат иқлимий меъёрдан 3-6о га кўп бўлди. Айрим даврларда ҳаво ҳарорати 22-27о илиққача, жанубда 28-30о илиққача кўтарилди.
Республика ҳудудининг катта қисмида 2016 йил февраль ойида Ўзбекистонда метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун энг юқори максимал ҳарорат бўлди.
2021 йил февраль ойида бундай илиқ об-ҳаво биринчи ва иккинчи ўн йилликларда сақланиб турди, ойнинг охирги ҳафтасида эса ҳарорат 10-15о совуққача пасайди.
2008, 2012 ва 2014 йилларнинг февраль ойлари энг совуқ бўлиб, бунда ўртача ойлик ҳарорат меъёрдан 4-8о га паст бўлди. Минимал ҳаво ҳарорати 12-17о совуққача, шимолда 24-29о совуққача пасайди. Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида бу совуқлар тарихий кузатув қаторлари учун энг паст кўрсаткичлар билан таққосланганда нисбатан кучсиз бўлди, бундай кучли совуқлар сўнгги йилларда февраль ойида кузатилмади.
Фақат Сурхондарё вилоятида 2014 йил февраль ойида минимал ҳаво ҳарорати 20-22о совуққача пасайди, бу эса барча кузатув йиллари учун минимал ҳарорат рекордини янгилади.
Иқлимий маълумотларга кўра, республика ҳудудининг катта қисмида бутун куз-қиш даври давомида февраль ойи ёғингарчилик энг кўп бўладиган ой деб ҳисобланади.
Бироқ, ёғингарчилик миқдори бўйича, ҳамда, ҳарорат тартиби бўйича февраль ойи жуда турлича бўлиши мумкин.
Ушбу асрда 2016 йил февраль ойи энг қуруқ (аномал қуруқ) бўлди. Барча ҳудудлар бўйича ёғингарчилик ойлик меъёрдан 20% га кам бўлди. Ҳудуднинг катта қисмида 2010 йил февраль ойида ёғингарчилик энг кўп бўлиб, бунда ойлик ёғингарчилик миқдори меъёрга нисбатан 200% дан 300% гача бўлди.
Текислик ҳудудларида февраль ойида ёғингарчилик асосан аралаш (ёмғир, қор) кўринишда бўлади, аммо қор қоплами камроқ шаклланади. Қор қоплами билан кузатилган энг узун давр 2008 йил февраль ойида кузатилди. Қор қоплами кузатилган кунлар сони 20-25 кунни, жанубий ҳудудларда 8-15 кунни ташкил этган.
Жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон аҳолисини қандай об-ҳаво кутмоқда?
Умуман олганда, февраль ойи одатдагидан бироз илиқроқ бўлади. Ўртача ойлик ҳаво ҳарорати меъёр атрофида бўлиши кутилмоқда, баъзи жойларда меъёрдан 1-1,5ога юқори бўлиб, 2-4о илиқни, шимолда 2о совуқ-1о илиқни, жанубда 6-8о илиқни ташкил этади.
Февраль ойининг боши нисбатан совуқ бўлади. Биринчи беш кунликда ҳаво ҳарорати асосан кечалари 0-5о совуқ, кундуз кунлари 2-7° илиқ, баъзи жойларда 0-2°совуққача бўлади.
Ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик 1 февраль ва 4 февраль кунлари республиканинг марказий ва шарқий вилоятларида, 3 февралда жанубий вилоятларида бўлиб ўтади.
Иккинчи беш кунликда ҳарорат кечалари 0-5о илиққача, кундуз кунлари 8- 13о илиққача кўтарилади. 7-8 февраль кунлари асосан ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлиши мумкин.
Кейинчалик, ойнинг охиригача, ҳарорат кечаси 2-7о илиқдан 2-7о совуққача, кундуз кунлари 13-18о илиқдан 2-7о илиққача, шимолда кечалари 0-5о илиқдан 7-12о совуққача, кундуз кунлари 11-16о илиқдан 0-5о илиққача ўзгариб туради.
Февраль ойида ёғингарчилик миқдори меъёрдан кам, баъзи жойларда меъёр атрофида бўлиши кутилмоқда.