Ўзбекистонда январь ойи одатда қандай бўлади ва 2024 йил январь ойида қандай об-ҳаво шароитлари кутилмоқда
29.12.2023
Январь - қишнинг ўртаси, иқлим хусусиятларига кўра йилнинг энг совуқ ойидир.
Бироқ, ҳар доим бундай бўлмайди. 2002-2003 йилларнинг қиш мавсумида декабрь энг совуқ ой бўлиб, у январь ва февраль ойларига нисбатан анча совуқ бўлди. 2013-2014 йилларнинг қиш мавсумида эса февраль ойи декабрь ва январь ойларига нисбатан анча совуқ бўлди.
Сўнгги 30 йил ичида (1994-2023 йй.) 2016 йилнинг январь ойи энг илиқ бўлиб, бунда ўртача ойлик ҳаво ҳарорати барча жойларда меъёрдан 3-6о га юқори бўлди.
Бироқ, январь ойида энг юқори ҳарорат қийматлари ушбу ўттиз йилликнинг - 2002, 2007, 2021 йилларида - 20-25о илиққача, шимолда 13-16о илиққача бўлиши кузатилди.
Сўнгги 30 йил ичида 2008 йилнинг январь ойи энг совуқ бўлди. Республика ҳудуди бўйича ўртача ойлик ҳаво ҳарорати меъёрдан 8-12о га паст бўлди. Шу йилнинг ўзида республика ҳудудининг катта қисмида энг паст ҳаво ҳарорати кузатилди. Минимал ҳарорат 17-24о совуққача, шимолда 30-32о совуққача пасайди.
2023 йилнинг январь ойи ҳам жуда совуқ бўлди. Ўртача олганда, у 2008 йилдагидек совуқ эмас, меъёрдан 4-7о га паст бўлди. Аммо ойнинг ўрталарида марказий вилоятларда ва Фарғона водийсида ҳаво ҳарорати баъзи жойларда 2008 йилга нисбатан паст - 25-29о совуққача бўлган қийматларгача пасайди. Тошкентда 2023 йил январь ойида ҳавонинг минимал ҳарорати 19,8о совуқни, 2008 йил январь ойида эса 17,4 совуқни ташкил этди (1-расм).
1-расм. 1994-2023 йиллар учун январь ойида максимал ва минимал ҳаво ҳарорати.
Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида январь ойида ёғингарчилик 25 мм дан 45 мм гача, шимолда, чўл ҳудудларида ва Фарғона водийсида 10-22 мм, тоғ олди ҳудудларда 65-90 мм, баъзи жойларда 110 мм гача (бу кўп йиллик давр учун ўртача) бўлди.
Ҳудудимизда жуда қуруқ январь ойлари ҳам бўлади Сўнгги 30 йил ичида бундай январь ойлари 2018 ва 2021 йилларда кузатилган. Бунда ҳудуднинг катта қисмида ёғингарчилик ойлик меъёрдан 40% га кам бўлди.
2005 ва 2014 йилларнинг январь ойлари энг нам бўлиб, бунда ҳудуднинг катта қисмида ёғингарчилик миқдори меъёрдан бир ярим баравар кўп бўлди.
Кузатилган глобал исиш фонида, январь ойида текислик ҳудудларда ва ҳатто тоғ олди ҳудудларда ёғингарчилик ёмғир кўринишида ёғди. Бунинг ҳисобига текислик ҳудудларда қор қоплами кўпинча қисқа муддатга (5 кундан кам) ва баъзида эса қор қоплами умуман шаклланмайди.
Сўнгги 30 йил ичида 2008 йилнинг январь ойи энг қорли бўлди. Республика ҳудуди бўйича қор қоплами кузатилган даврнинг давомийлиги 25 кундан 31 кунгачани ташкил этди, қорнинг максимал баландлиги эса 24-60 см га, жанубда 15-21 см га етди.
Янги 2024 йилнинг биринчи ойи ҳарорат тартиби бўйича меъёрга яқин, баъзи жойларда меъёрдан 1-1, 5о га юқори бўлади.
Январь қуруқ ва нисбатан илиқ об-ҳаво билан бошланади. Январь ойининг биринчи беш кунлигида Ўзбекистон ҳудуди бўйича асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. 1-3 январь кунлари кундузги ҳаво ҳарорати 6-11о илиқ атрофида, 4-5 январь кунлари эса 1-3 январга нисбатан 3-5о га юқори бўлади.
Кейинчалик ойнинг охиригача ҳарорат кечалари 0-5о илиқдан 3-8о совуққача, кундуз кунлари 10-15о илиқдан 0-5о илиққача ўзгариб туриши кутилмоқда. Ҳарорат кечалари қисқа даврга 10-13о совуққача пасайиши ва кундуз кунлари 16-18о илиққача кўтарилиши мумкин.
Ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчиликлар январь ойининг биринчи ўн кунлиги охирида, шунингдек, иккинчи ва учинчи ўн кунликларнинг айрим кунларида кутилмоқда. Умуман олганда, ой учун ёғингарчилик миқдори меъёр атрофида, баъзи жойларда меъёрдан кам бўлиши кутилмоқда.