2023 ЙИЛНИНГ СЎНГГИ ОЙИ ҚАНДАЙ БЎЛДИ
06.01.2024
2023 йилнинг сўнгги икки ойи турли хил об-ҳаво ҳодисалари билан кузатилди.
Ноябрь ойи Ўзбекистондаги метеорологик кузатувларнинг барча йилларида энг иссиқ ноябрь ойи рейтингида биринчи ўринни эгаллади.
Декабрь ойи ҳам ғайриоддий бўлди. Ўзбекистонда қиш ойларида ҳароратнинг ўзгариб туриши одатий ҳодисадир, аммо жорий йилнинг декабрь ойида “ҳароратнинг ўзгариши” жиддий силжиди.
Декабрь ойининг бошида ва учинчи ўн кунликнинг ўрталарида ҳаво ҳарорати 18-23о илиққача, жанубда 24-26о илиққача кўтарилди.
12-14 декабрь кунлари даврида эса республика ҳудудига Арктика ҳудудларидан совуқ тўлқин кириб келди. Кечалари ҳаво ҳарорати 16-21о совуққача, шимолда баъзи жойларда 22-25о совуққача пасайди.
Совуқ об-ҳаво кундуз кунлари ҳам сақланиб турди, ҳаво ҳарорати 7-12о совуқ, шимолда 15-17о совуқ атрофида бўлди.
Совуқ Самарқанд вилоятига бироз ва Қашқадарё вилоятларига, шунингдек, Фарғона водийси ҳудудига қисман таъсир кўрсатди, ҳаво ҳарорати кечалари 6-11о совуққача, кундуз кунлари 0-4о совуққача пасайди. Республиканинг энг чекка жанубий ҳудудларига совуқ деярли таъсир кўрсатмади.
Кескин совуққа сабаб бўлган совуқ антициклон Ўзбекистон ҳудудини тезда тарк этди. Қаттиқ совуқлар 2-3 кун давом этди, сўнг ҳаво ҳарорати декабрь ойи учун бўлган меъёрий қийматларга қайтди.
Республика ҳудудининг катта қисмида кундузги энг юқори ва энг паст ҳарорат ўртасидаги фарқ 30-35о ни ташкил этди. Шундай қилиб, Тошкентда 4-6 декабрь ва 23-25 декабрь кунлари кундузги ҳаво ҳарорати 19-22о илиққача кўтарилди, 12-13 декабрь кунлари эса 5-8о совуққача пасайди.
Метеорологик кузатувлар тарихи давомида декабрь ойида бундан ҳам паст ҳаво ҳарорат кузатилган. Бу ойда минимал ҳароратнинг мутлақ қийматлари 22-27о совуқни, баъзи жойларда 29-32о совуққачани ташкил этади.
Сўнгги 30 йил ичида ҳароратнинг энг паст қийматлари 2012 йил декабрь ойида қайд этилди, барча жойларда улар 2023 йил декабрь ойига нисбатан пастроқ бўлди.
Бироқ, 2023 йил 13 декабрь куни Тошкентда декабрь ойининг минимал ҳарорати 15,9о совуқ қайд этилган, бу сўнгги ўттиз йил ичида энг паст ҳарорат бўлди.
Иккинчи ўн кунликда совуқ тўлқин сезиларли даражада бўлишига қарамай, декабрь ойининг ўртача ойлик ҳарорати меъёрий қийматлардан 1,5-2о га, жанубда 2,5-3о га юқори бўлди.
2023 йил декабрь ойи қуруқ бўлди. Ҳудуднинг катта қисмида ёғингарчилик декабрь ойнинг ойлик меъёрдан ярмидан кам бўлди. Фақат Тошкент ва Наманган вилоятларининг айрим тоғ олди ва тоғли ҳудудларида ёғингарчилик миқдори ойлик меъёрга яқин бўлди.
Текислик ҳудудларда ёғингарчилик ёмғир кўринишида ёғди. 11-12 декабрь кунлари ёмғир қорга айланди ва республика бўйича баъзи жойларда баландлиги 1-5 см, Тошкент вилоятида 9-11 см гача бўлган қор қоплами ҳосил бўлди. Ёмғир қорга айланиши ой охирида ҳам кузатилди, аммо бунда қор қоплами ҳосил бўлмади.
Тоғли ҳудудларда қор қопламининг баландлиги ой охирига меъёрдан 30% дан 75% гачани, Тошкент вилоятининг айрим тоғли ҳудудларида 100-110% гачани ташкил этди.