Ўзбекистонда апрель ойи – иқлим ва об-ҳаво

Ўзбекистонда апрель ойи – иқлим ва об-ҳаво

29.03.2024

Апрель ойи – ушбу ой Ўзбекистонда баҳорнинг айни қизғин давридир – бунда боғларда дарахтлар гуллаши, сабзавот ва мевали экинлар ҳосиллари шаклланиши бошланади.

Апрель ойида ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши давом этади. Ҳудуднинг катта қисмида апрель ойининг ўртача ҳарорати март ойига нисбатан 5-7о га юқори бўлади. Республиканинг шимоли ва чўл ҳудудларида ҳаво тезроқ исийди, бунда ўртача ҳарорат март ойидаги кўрсаткичлардан 8-10о га юқори бўлади.

Апрель – йилнинг энг нам ойларидан биридир.

Ёмғир, одатда момақалдироқ ва кучли шамоллар билан тез-тез кузатилади. Шимолда, энг чекка жанубда ва республиканинг чўл ҳудудларида ўртача бир ойда 5 кундан 8 кунгача ёғингарчилик бўлади, тоғларга яқин ҳудудларда эса ёғингарчилик кузатиладиган кунлар сони 9-13 кунга кўпаяди.

Метеорологик кузатувларнинг бутун тарихи давомида хилма хил апрель ойлари қайд этилган.

 

 

Жуда қуруқ апрель ойлари ҳам кузатилган, бунда ой учун ёғингарчилик миқдори меъёрдан 20-50% дан кўп бўлмаган, баъзи жойларда эса умуман кузатилмаган. 1975 йилнинг апрель ойи ҳам шундай бўлган эди. Тошкентда ёмғир фақат икки марта ёғган ва ой давомида ёғингарчилик миқдори атиги 2 мм (меъёрдан 3%) ни ташкил этган.

Бу асрда энг қуруқ апрель ойи 2022 йилда кузатилди. Тошкентда бир ойда 9 мм (меъёрдан 14%) ёғингарчилик бўлди.

Лекин шундай апрель ойлари ҳам кузатилганки, унда ой учун ёғингарчилик меъёрдан 3-5 марта кўп бўлган.

Масалан, Тошкентда 1990 йил апрель ойи метеорологик кузатувлар тарихида энг нам бўлиб, ой давомида ёғингарчилик ойлик меъёрдан 300% атрофида бўлди, ёғингарчилик бўлган кунлар сони эса 19 кунни ташкил этди.

1990 йил 8 апрель куни Тошкентда ёғингарчилик миқдори бўйича мутлақ рекорд ўрнатилди – бунда бир кеча-кундузда 65 мм!!! ёмғир ёғди, апрель ойининг ойлик меъёри 62 мм.

Апрель ойида ёғингарчиликнинг ўзига хос хусусиятларидан бири бу ҳудуд бўйича ва ҳатто битта шаҳар атрофида ёғингарчиликнинг ўта нотекис тақсимланишидир.

Ўтган 2023 йилнинг 2апрель куни Тошкент шаҳрида момақалдироқ, кучли шамол, баъзи жойларда дўл билан кучли жала ёмғир ёғди. Бунда 2,5-3 соат ичида ёғингарчилик миқдори: Телеминора ҳудудида - 10 мм, Тошкент-Обсерватория метеостанцияси (Олой бозори) ҳудудида - 22 мм ва Тошкент Халқаро аэропорти ҳудудида - 33 мм ни ташкил этди.

Ҳар 2-4 йилда республиканинг айрим ҳудудларида ёмғир қорга айланиши кузатилади. Охирги марта ушбу ҳолат 2020 йил апрель ойида бўлган, бунда апрель ойи биринчи ўн кунлигининг охирида марказий ва ҳатто жанубий ҳудудларнинг баъзи жойларида, қишда ҳам камдан-кам ҳолларда ёғадиган қор ёғди.

9 апрель куни эрталаб баъзи жойларда қор қопламининг баландлиги 7-20 см га етди. 

Ўзбекистонда қор ёғишининг энг кечки санаси - 1989 йил 30 апрель ойида кузатилган эди. Бу Ўзбекистондаги кузатувлар тарихидаги ягона ва ажойиб ҳолатдир.

Апрель ойининг ҳарорат фони одатда беқарор бўлади. Ҳавони баҳорий исиши қисқа муддатга сезиларли салқинлашиш билан ўрин алмашади.

Исиш даврида ҳаво ҳарорати кундуз кунлари 30-33огача, айрим кунларда 35о гача, жанубда 36-38о гача кўтарилади. Кўпинча бундай ҳарорат қийматлари ойнинг иккинчи ярмида кузатилади.

Салқин бўлган даврда, март ойидаги каби тез-тез бўлмаса ҳам, лекин баъзида кечалари ҳарорат совуқ даражасигача тушади. Сўнгги 30 йил ичида совуқларнинг жадаллиги 1-4о совуқга етди.

2022 йил апрель ойи Ўзбекистонда метеорологик кузатувлар тарихидаги энг иссиқ апрель бўлди, бунда меъёрдан 3-5о га илиқ бўлди. 
Ушбу асрда 2009 йилнинг апрель ойи ҳудудларнинг катта қисмида энг совуқ бўлди.

Бу йил апрель ойи қуруқ ва ўртача илиқ об-ҳаво билан бошланади. Биринчи беш кунликда ҳаво 15-20о илиққача исийди, кечалари ҳарорат 5-10о илиқ атрофида бўлади.

Ушбу даврда республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида ёғингарчилик бўлиши эҳтимоли кўпроқ. Текислик ҳудудларда асосан ёғингарчиликсиз об- ҳаво бўлади, фақат Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида 2-3 апрель кунлари баъзи жойларда ёмғир ёғиши мумкин.

Апрель ойи биринчи ўн кунлигининг иккинчи ярмида ҳарорат асосан кечалари 8-13о илиқ, кундуз кунлари 18-23о илиқ бўлади.

Иккинчи ва учинчи ўн кунликларда ҳарорат кечалари 2-7о илиқдан 10-15о илиққача, кундуз кунлари 13-18о илиқдан 25-30о гача ўзгариб туради.

Ойлик ёғингарчилик миқдори меъёрдан кам, баъзи жойларда меъёр атрофида бўлади.

 

Узгидромет

2024 йил 29 март